Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 2 миллион долларни ўғирлаш мақсадида тадбиркорнинг уйига рейд уюштиришни режалаштирган йирик жиноий гуруҳни қўлга олди.
12 апрель куни Тошкент ва Наманган шаҳарларида ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида босқинчилар қўлга олинган.
Олмазор тумани ҳудудида муқаддам Жиноят кодексининг 8 моддаси билан судланган 44 ёшли жиноий гуруҳ аъзоси 2 дона махсус тайёрланган пичоқ, ички ишлар органлари ходимларининг дала кийими, резина қўлқоп, спорт сумкаси, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп препаратлар каби ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Наманган вилоятида аввалига гуруҳнинг 4 нафар аъзоси, сўнгра яна 5 нафар фуқаро ҳам жиноий режа билан шуғулланган ҳолда қўлга олинди. Қўлга олинганлардан рейд ўтказиш учун тайёрланган спорт кийимлари, ниқоблар, қўлқоплар, 3 дона пичоқ, овоз тўплагичи, телефонлар, гиёҳванд моддалар ва бошқа жиҳозлар топилган.
Қайд этилишича, қўлга олинганларнинг аксарияти муқаддам судланган тадбиркор ва спортчилар бўлган. Уларнинг кўпчилиги ўзлари тунамоқчи бўлган тадбиркор билан бирга ишлаган.
Жиноят кодексининг 164-моддаси бўйича уларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






