АсосийJamiyat

"Экологик, атроф-муҳит маданиятимиз ривожланмаганлиги сабаб маҳаллий аҳоли айиқни мошинада уришга ҳаракат қилишди"

'"Экологик, атроф-муҳит маданиятимиз ривожланмаганлиги сабаб маҳаллий аҳоли айиқни мошинада уришга ҳаракат қилишди"'ning rasmi

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги қишлоқлардан бирида айиқ оралагани,  ҳатто тумандаги 103-сонли мактаб биносидаги деразаларга урилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Табиат ресурслари вазирлигининг кейинроқ берган маълумотига кўра, айиқ туманнинг Яшнабод МФЙ Бешчашма ҳудудидан оқиб ўтувчи Қумдарё дарёсига яқин ҳудуддаги жарликда ҳосил бўлган ғор ичига кириб олган.

Маълум қилинишича, ушбу ҳудуд Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, туман ички ишлар, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар бўлимлари ходимлари томонидан муҳофазага олиниб, аҳоли ва қўнғир айиқнинг хавфсизлиги назоратга олинган. 

Мазкур ҳудудга вазиятни бартараф этиш мақсадида Тошкент ҳайвонот боғи мутахассисларидан иборат гуруҳ жалб қилинган. Афсуски, махсус гуруҳ айиқ яширинган жойга етиб боргунча, айиқ отиб ўлдирилган. 

Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов мазкур ҳолат бўйича муносабат билдириб, аҳолининг экологик маданияти ривожланмаганини, айбдорлар албатта жазоланишини айтди. 

"Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида айиқ адашиб аҳоли пункитига келиб қолган. Экологик, атроф-муҳит маданиятимиз ривожланмаганлиги сабаб маҳаллий аҳоли айиқни машинада уришга ҳаракат қилишди. Биз тавсия бергандикки, айиқни ўлдирмасдан, ухлатиб табиатга қўйиб юбориш режалаштирилганди. Биздаги маълумотларга кўра, маҳаллий аҳолига айиқ тарафидан ҳеч қандай хавф-хатар бўлмаган.  Шундай бўлса-да у ўлдирилган. Мазкур ҳолат бўйича Бош прокуратурага тегишли аризамизни киритдик. Бош прокуратура томонидан жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда айиқнинг қонини олиб текширилди. Текширув давомида айиқда ҳеч қандай касаллик бўлмагани аниқланди",– дейди Азиз Абдуҳакимов.

    Бошқа янгиликлар