"Ўзгидромет" жорий ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди
Маълум қилинишича, бугун атмосфера фронти ўтишида марказий ва шарқий ҳудудлар бўйича ёмғир ёғади, Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда кучли бўлади, айрим жойларда дўл ёғиши мумкин. Республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди, баъзида эса 22-25 м/с гача кучайиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати 15-20 даражани ташкил этади.
Сешанба кунидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ва қуруқ ҳаво массаси кириб келади. Республика бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Ҳоразм вилоятида 14 апрелда баъзи жойларда ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати кўтарилади ва иш ҳафтасининг охирига келиб, 29-32 даражани ташкил этади, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 35-37 даражагача бўлади.
Республика бўйича баъзи жойларда 11-14 апрель кунлари шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.
Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 10-11 апрель кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Баланд тоғларда (2000 м дан юқорида) ёмғир қорга айланиши мумкин.
10-11 апрелда тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
10-11 апрелда Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида 2000 м дан юқорида қор кўчиши хавфи бор.
Бугун пойтахтда: вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, дўл ёғиши мумкин. Шамол ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади, момақалдироқ пайтида 12-17 м/с гача кучайиши мумкин. 11-14 апрелда ёғингарчилик кутилмайди.
Чоршанба кунидан бошлаб ҳаво жадал исий бошлайди. Душанба ва сешанба кунлари кундузги ҳаво ҳарорати 16-19 даража, жума кунига келиб, 30-32 даража атрофида бўлади.






