Италияда 2022 йили 393 минг нафар чақалоқ дунёга келди. Бу рақамлар мамлакатда туғилиш даражаси 1961 йилдан бери энг паст кўрсаткичга етганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда "Zamon.uz" хабар бермоқда.
“Бу демографик инқироз — келажакда биз кўплаб аҳолини йўқотамиз”, — дейди Римдаги ЛУИСС университети профессори.
Мутахассислар 2008 йилги молиявий инқироздан кейин Италияда аҳолининг табиий ўсиши барқарор равишда пасайиб бораётганини қайд этган. Бу тенденция хавотирли, чунки мамлакат аҳолисининг тез қариши давлат бюджетига босимни кучайтирмоқда. Италия Миллий статистика институти прогнозларига кўра, 2070 йилга бориб 59 миллионга яқин мамлакат аҳолиси 48 миллионга камаяди.
Илгари расмийлар туғилиш даражасини ошириш учун моддий рағбатлантириш йўли билан демографик вазиятни тузатишга ҳаракат қилган. 2021 йили ўша пайтдаги Бош вазир Марио Драги ҳукумати ҳар бир янги туғилган чақалоқ учун 50 евродан 175 еврогача ойлик нафақа беришни бошлаган: пул бола иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлгунга қадар yoki 21 ёшга тўлгунча тўланади. Ҳар қандай итальян оиласи, шу жумладан, бадавлат оилалар ҳам ушбу схеманинг иштирокчиси бўлиши мумкин. Лойиҳа 2022 йил 1 мартда бошланган.
Италиянинг амалдаги бош вазири Жоржия Мелони ҳукумати ҳам янги туғилган чақалоқлар сонининг камлигидан бир неча бор хавотир билдирган. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, туғилишни рағбатлантириш учун фақат нафақа бериш етарли эмас.





