"Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан футболни янада оммалаштириш ва ривожлантиришнинг қўшимча йўналишлари белгиланди.
Қарорга кўра, ҳар йили қуйидагилар ўтказилади:
-март-июнь ойларида маҳалла ёшлари ҳамда қизлари ўртасида “Оммавий футбол” дастури доирасида футбол фестиваллари;
-10 декабрь – Бутунжаҳон футбол куни муносабати билан аҳоли ўртасида оммавий “флешмоб” тадбирлари;
-сентябрь-май ойларида умумий ўрта таълим мактабларида “Мактабларда футбол” дастури доирасида футбол мусобақалари, маҳорат сабоқлари ва фестиваллари;
-сентябрь-май ойларида ОТМда “Талабалар лигаси” дастури доирасида 3 босқичли республика футбол мусобақалари.
Шунингдек, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимидаги футбол маҳорат мактаблари Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасарруфига ўтказилиб, футбол академиялари сифатида қайта ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида футбол мактаблари ташкил қилинади.
2023 йил 1 июлдан:
-нодавлат футбол муассасалари учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси аъзоси бўлиши талаби ўрнатилади;
-Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан нодавлат футбол муассасаларининг рейтинги юритилади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
2023/2024 ўқув йилигача халқаро тажриба асосида Ўзбекистонда футболчиларни тайёрлаш модели ишлаб чиқилади.
07.04.2023 20:24
Нодавлат футбол муассасалари учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси аъзоси бўлиши талаби ўрнатилади






