Сенат ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳисобот берди.
Таъкидланишича, Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан ҳисобот даврида 10 та асосий йўналиш бўйича ишлар амалга оширилган.
Хусусан, мажлисда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, қийноқларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида олиб борилган ишлари эшитилди.
Шунингдек, Омбудсманнинг миллий комиссиялардаги фаолияти, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия фаолиятидаги иштироки кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Шу билан бирга, Омбудсман фаолиятида айрим камчиликлар сақланиб қолганлиги сенаторлар томонидан қайд этилди.
Жумладан, 2022 йилнинг 2 ярим йиллигида Ягона онлайн платформа орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш бўйича Омбудсман фаолияти нисбатан паст баҳоланган.
Омбудсман томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига киритилган таъсир чораларининг самарадорлиги пасайган.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида республика бўйича тарғибот тадбирлари айрим вилоятларда ташкил этилмаган.
Омбудсман томонидан етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида 2022 йилда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган 387 нафар бола оилаларга ва болалар муассасаларига жойлаштирилмаганлиги, уй-жой берилиши режалаштирилган 25 нафар бола эса уй-жой билан таъминланмаганлиги сенаторлар томонидан ҳақли равишда танқид қилинди.
Мажлисда Омбудсманга энг кўп мурожаат йўлланган ҳудудлардаги муаммоларни таҳлил қилган ҳолда такрорий мурожаатларни камайтириш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан қонунда белгиланган таъсир чораларидан кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбирларини янада кучайтириш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда мониторинг тадбирлари натижадорлигига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Шу билан бирга, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг оилаларга ва болалар муассасаларига тўлиқ жойлаштирилиши устидан назорат ўрнатиш, оилаларга берилган болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга яратилган шарт-шароитларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.






