Ижтимоий тармоқларда бухоролик аёл эрининг ўйнашини тиз чўктириб, самосуд қилгани айтилган видео тарқалди. Унда аёл эрини жазманига бу ишини йиғиштиришини, нафақат бу эркак билан, балки бошқаларнинг эри билан ҳам юрмаслигини айтган.
Ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 2022-йилнинг сентябр ойида Жондор тумани "Паҳлавон" маҳалласида яшовчи 1995 йилда туғилган З.Ф. турмуш ўртоғи билан ишқий муносабатларга киришган туманнинг “Янгиобод” маҳалласида яшовчи Д.Д. ни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиб, ушбу жараённи видеотасвирга олган.
Ҳолат фуқаро Д.Д. нинг мурожаати асосида ўша вақтнинг ўзида туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан тегишли тартибда қайд этилган ва терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, маъмурий иш ҳужжатлари мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.
Туман судининг 2022-йил 8-ноябр кунидаги қарорига кўра фуқаро з.Ф. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари, яъни 1,2 млн сўм жарима жазоси тайинланган.






