Ижтимоий тармоқларда Каттақўрғон туманида мактаб ўқитувчиси ўқувчига тегажоқлик қилгани, қиз уксус ичиб, касалхонада ётганлиги, профилактика инспектори ишни кўрмаётганлиги, судлар, маҳалла эътиборсиз эканлиги танқид қилинди.
Туман ИИБга кўра, ушбу ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
2023 йил 10 февраль куни Каттақўрғон туманидаги мактабларнинг бирида синф раҳбари сифатида ишлаб келаётган ўқитувчи вояга етмаган 6-синф ўқувчиси (қиз бола), 4 кун давомида дарс қолдирганлиги сабабли, ундан отасини чақиришини сўраган.
Бироздан сўнг, мактабга ўқувчининг онаси келган. У билан мактаб маъмурияти гаплашиб, қизининг мунтазам равишда дарс қолдирётганлигини тушунтириб, тушунтириш хати ёзиб беришини сўрашганда, у “ҳеч нарса ёзиб бермайман” – деб, мактабдан чиқиб кетиб, турмуш ўртоғига, қизига ўқитувчиси тегажоқлик қилганлигини айтган. Шундан кейин, ўқувчининг отаси келиб, синфхонада гуруҳ раҳбарига бақириб, уни қўпол сўзлар билан хақорат қилиб, ёқасидан тортиб, жанжал кўтарган.
Қизнинг онаси ҳамда ўқувчи қизнинг тушунтириш хатида ўқитувчининг тегажоғлик қилганлиги тўғрисидаги важлари ўз тасдиғини топмаган.
Тўпланган ҳужжатлар юзасидан қизнинг отасини хатти-ҳаракатида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик), онасиникида эса, 40-моддасида (Тухмат) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги сабабли тўпланган хужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун ЖИБ Каттақўрғон туман судига юборилган.
Суд органи томонидан ўқувчининг ота-онасига нисбатан жарима жазоси қўлланилган.






