Исроил археологлари бундан икки минг беш юз йил аввалги қадимий Форс шаҳрини топдилар. Бу ҳақда Исроил қадимий ашёлар бошқармаси маълумотига таяниб, Хинҳуа агентлиги xабар қилди.
Қайд этилишича, Исроилнинг шимолида Ўрта ер денгизи соҳилидаги ҳозирги Нагария шаҳри ҳудудида олиб борилган қазишмалар натижасида бинолар ва кўчалар, савдо ва саноат ҳудудлари, диний мақбаралар ва йирик омборлар аниқланди.
Археологларнинг фикрига кўра, узоқ мамлакатлардан қадимги денгизчилар - финикияликлар томонидан олиб келинган керамика идишлар, кўзалар, амфоралар ва бошқа нарсалар топилган.
Ўша даврда Форс империяси билан Қадимги Юнонистон ўртасидаги муносабатлар кескинлашган бўлса-да, шаҳар аҳолиси Ўрта ер денгизининг шарқий қисмида денгиз савдосининг марказида турган финикияликлар орқали Юнонистон билан савдо алоқаларини ушлаб турган.






