АсосийJamiyat

Энди олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилади

'Энди олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилади'ning rasmi

Янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасида фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли экани ҳақида модда киритилмоқда. Бундан ташқари, энди Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.

Оддий фуқаро иш қидирганда деярли 90% таклифларда олий таълимга эга бўлиши кераклиги ҳақидаги шарт билан тўқнаш келади. Бу дегани ҳозирги шароитларда олий таълим мавжудлиги “дунёга, фаровонликка рухсатнома”га айланмоқда.

Яъни олий таълим дипломига эга бўлган фуқаро кўп ҳақ тўланадиган ишга кириши, карьера қилиши ва давлат ҳамда жамиятга кўпроқ фойда келтириши мумкин. 

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш жоиз: олий таълимга эга бўлган инсон билан олий таълим олмаган инсоннинг дунёқараши ўртасида ҳам катта фарқ бўлади. Шунинг учун ҳам ёшларни кўпроқ олий таълим билан қамраб олиш умумий саводхонлик даражасининг кўтарилишига ҳам ҳисса қўшади.

Аҳолининг кенг қатламларини олий таълим билан қамраб олиш масаласи Президентимиз томонидан БМТ минбарида ҳам кўтарилган ва 2030 йилгача Ўзбекистонда 50% ёш аҳоли олий маълумотга эга бўлиши режалаштирилган.

Шу сабабли олий таълимни олиш ҳуқуқи Конституция даражасигача оширилмоқда.

Ҳамма ҳам контрактда катта пул тўлаб ўқий олмаслиги мумкин. Шу сабабли Конституцияда танлов асосида давлат бюджети ҳисобидан ўқиш имконияти қатъий мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи тақдим этилмоқда. Нодавлат олий таълим муассасалари очилмоқда, хорижий университетлар филиаллари сони ортмоқда, олис ҳудудларда ҳам университет филиаллари ташкил этилмоқда, давлат олий ўқув юртларига ташкилий ва молиявий мустақиллик берилмоқда.

Демак, олий таълим ташкилотлари ўз фаолиятининг асосий йўналишларини амалга ошириш эркинлиги, таълим йўналишининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб таълим тартибини белгилаш бўйича қарорлар қабул қилишда мустақил бўлиш ҳуқуқлари конституциявий норма даражасида мустаҳкамланмоқда. Бу давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари олий таълим муассасаларида ўқишни олиб бориш учун шартлар ва кўрсатмалар бера олмаслигини кафолатлайди.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистондаги 40 дан ортиқ давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилган ва бу борадаги ишлар давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар