АсосийJamiyat

Бир гуруҳ журналист ва жамоатчилик вакиллари Президентга очиқ хат ёзиб матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда тарихий ёрдам беришини сўради

'Бир гуруҳ журналист ва жамоатчилик вакиллари Президентга очиқ хат ёзиб матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда тарихий ёрдам беришини сўради'ning rasmi

Бир неча кун аввал бир гуруҳ журналистлар ва жамоат фаоллари Ўзбекистон президентига ”яширин, лекин кучли цензура“ юзасидан мурожаат қилганди. Мурожаат муаллифлари давлат раҳбаридан матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда тарихий ёрдам беришини сўраган. Журналистлар уюшмаси мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди.

Баёнотга кўра, яқин вақт ичида ҳеч бир таҳририят ва мустақил журналистларга, блогерларга босим ўтказилаётганига ёки бирон-бир ахборотнинг мазмун-моҳиятини ўзгартириш ёки чиқмаслигини талаб қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлинмаган. Уюшма баёнатининг тўлтқ матни билан танишинг:

“Ўтган ҳафта якунида ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ журналистлар ва жамоат вакилларидан деб номланган мурожаатнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига йўлланганига гувоҳ бўлдик.

Аввало, шуни айтиш жоизки, кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлган ушбу “мурожаатнома”да ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда матбуот эркинлиги муҳити сезиларли даражада шакллангани таъкидланган ҳолда “ҳозирга қадар сақланиб қолаётган яширин, лекин кучли цензура” безовта қилиши, “таҳририятлар, журналистлар, блогерлар, жамиятга ҳар қандай фикр берувчи шахсларнинг фикр билдиришида жиддий тўсиқлар, босимлар, қўрқитишлар сақланиб қолгани” айтилади. Яна “матбуот ўзи истаган мавзуни кўтара олмаётгани” ва “давлатнинг ахборотни назорат қилишга масъул бўлган муассасаси таҳририят ва блогерларга мутассил равишда босим қилаётгани”ни иддао этилган.

Очиғи, ушбу мурожаат бундан 7-8 йил аввал эълон қилинганда эди, эҳтимол бирор фикр билдиришга ҳожат бўлмас эди. Негаки, бугун юртимизда очиклик сиёсати, сўз ва матбуот эркинлиги устувордир. Яқин вақт ичида ҳеч бир таҳририят ва мустақил журналистларга, блогерларга босим ўтказилаётганига ёки бирон-бир ахборотнинг мазмун-моҳиятини ўзгартириш ёки чиқмаслигини талаб қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлмадик.

Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўз эркинлиги таъминланишида собитлиги, очиқлик сиёсати бу борадаги ислоҳотларнинг ортга қайтмас тус олгани, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қўйилган қадамлар матбуот соҳасида кенг имкониятлар эшигини очди. Жумладан, узоқ йиллар давомида ёпиб қўйилган қатор интернет нашрлари очилди, ОАВда эркин фаолият юритиш муҳити шаклланди, турфа “қора рўйхатлар”га барҳам берилганига барчамиз шоҳидмиз. ОАВ вакилларига ҳеч ким, бирон-бир давлат ташкилоти “уни ёзма, буни ёз” деяётгани йўқ. Журналист ва блогерларимиз мавжуд муаммоларни дадил кўтариб чиқмоқда. Биргина 2023-йилнинг январь ойида матбуотда ва интернет нашрларида ҳукумат ва маҳаллий бошқарув органлари фаолиятига дахлдор 1300 дан зиёд танқидий материаллар эълон қилинганининг ўзи юқоридаги фикримизнинг далилидир.

Аммо минг афсуски, айрим журналист ва блогерлар томонидан сўз эркинлигини суистеъмол қилиш, матбуотдек муқаддас минбардан шахсий манфаат, сохта обрў-эътибор ёки  бошқа ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳоллари учраб турибди. Уларга қонуний чоралар кўрилаётгани эса баъзи бир журналист ва блогерлар томонидан билиб-билмай нохолис талқин қилинмоқда.

Ўзбекистон журналистларининг касб этика кодексига, холислик ва ҳаққонийлик принципларига риоя этмаслиги каби салбий ҳолатларни албатта, оқлаб бўлмайди. Бироқ уларни тартибга чақириш, қонун асосида фаолият олиб боришга  чорлаш сўз эркинлигига тажовуз, босим ёхуд цензура ҳисобланмайди!

Оммавий ахборот воситалари вакилларини доимий равишда қўллаб-қувватлаб келаётган давлатимиз раҳбари  “Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади” дея алоҳида таъкидлаган.

Қолаверса, айни кунларда ҳам мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлиги таъминланишини янада кучайтириш, бу борада қонунийликни таъминлаш, журналист ва блогерларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, янгиланаётган Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилаётгани, Ахборот кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилгани бунга яна бир ёрқин мисолдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтишимиз мумкинки, бир гуруҳ журналист ва блогерларнинг давлатимиз раҳбарига мурожаат йўллаганининг ўзи ҳам мамлакатимизда сўз эркинлигининг очиқ эканлигидан далолат беради”, дейилажи баёнотда

Маълумот учун, Президентга йўлланган мурожаатда қайд этилишича, матбуот ўзи истаган мавзуни кўтара олмаяпти.

”Айни пайтда, биз журналистлар ва жамоатчилик вакилларини ҳозирга қадар сақланиб қолаётган яширин, лекин кучли цензура ҳам безовта қиляпти. Таҳририятлар, журналистлар, блогерлар, жамиятга ҳар қандай фикр берувчи шахсларнинг фикр билдиришида жиддий тўсиқлар, босимлар, қўрқитишлар сақланиб қоляпти», дейилади мурожаатномада.

Журналистлар, блогер ва фаолларнинг таъкидлашича, улар сўз ва фикр эркинлиги орқали Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришдан манфаатдор эмас.

”Биз хавфсизликни сўз ва фикр эркинлигининг пойдевори сифатида кўрамиз. Лекин сўз ва фикр эркинлигисиз таъминланган хавфсизликни — ноқис, заиф ва вақтинчалик хавфсизлик деб биламиз“, дейилади мурожаатномада.

Муаллифлар Президентдан Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлигини кучлироқ ҳимоя қилишини, бу борада конституция ва амалдаги қонун нормалари тўлиқ ишлашини, маълум давлат муассасаларининг журналистларга, матбуотга, блогерларга босимларини тўхтатишда ёрдам беришинини сўраган.

”Биз Ўзбекистонни кучли, рақобатбардош, ҳалқаро майдонда обрўли давлат сифатида кўришни истаймиз. Бунинг учун, Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги муттасил кучайиб бориши лозим. Аммо ҳалигача Ўзбекистон матбуоти кўринмас, лекин жиддий назорат остида эканини ачинарли ва келажак учун хавфли вазият деб биламиз”, — дейилади мурожаатномада.

”Муҳтарам Президент, Ўзбекистонда матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда тарихий ёрдам беришингизни илтимос қиламиз”, — дея мурожаатга якунида.

    Бошқа янгиликлар