Россия президенти Владимир Путин Кремлда Чеченистон раҳбарининг 17 ёшли ўғли Аҳмад Қодиров билан учрашди. Рамзан Қодиров ўзининг Телеграм саҳифасида уларнинг биргаликдаги суратларини жойлаштирган.
Хабар қилинишича, Рамзан Қодировнинг тўнғич ўғли президентга республикада олиб борилаётган ёшлар сиёсати ҳақида ҳисобот берган. Аҳмад Қодиров 16 ёшида Болалар ва ёшлар ҳаракати вилоят бошқармаси кенгаши раиси этиб тайинланган.
Чеченистон раҳбарининг сўзларига кўра, Путин ёш амалдорга 2004 йил майида Грознийдаги портлашда ҳалок бўлган бобоси, республиканинг биринчи раҳбари Ахмат Қодиров ҳақида ҳам гапириб берган. Рамзан Қодиров Кремлдаги учрашувни “норасмий” ва “маънавий” деб атади.
Чеченистон раҳбарининг сўзларига кўра, Путин ҳам Аҳмад Қодировни яқинлашиб келаётган тўйи билан табриклаган.






