АсосийJamiyat

Уй-жойли бўлиш ҳуқуқини тортиб олиш мумкинми?

'Уй-жойли бўлиш ҳуқуқини тортиб олиш мумкинми?'ning rasmi

Ўтган бир неча йил давомида “уй-жойни бузиш”, “снос” деган гапни эшитмаган ватандошимиз қолмаган бўлса керак. Айрим ватандошларимиз учун бу сўзлар “адолатсизлик” сўзининг синонимига айланган.

Ушбу масала жиддий бўлганлиги сабабли, Президентнинг 2021 йилдаги инаугурация маърузасида ҳам алоҳида кўтарилиб, шахсий мулкка бўлган ҳуқуқ учун суд ҳимоясини кўчайтириш зарурлиги таъкидланганди.

Дарҳақиқат, “уй-жойли бўлиш ҳуқуқи” халқаро умумэътироф этилган ҳужжатларда инсоннинг ажралмас ҳуқуқларининг бири сифатида тан олинган. Бу ҳуқуқ ўз ичига қуйидаги ҳуқуқ ва эркинликларни жамлаган. Хусусан:

- биринчидан, мажбурий қўчирилиш, уй-жойни бузишдан ҳимоялаш;

- иккинчидан, уй-жойни бошқа шахснинг тажовузидан, шахсий ҳаёт ва оилавий сирларнинг дахлсизлигини таъминлаш;

- учинчидан, яшаш жойни эркин танлаш, эркин ҳаракатланиш ва турар жойни эркин танлаш.

Шунингдек, мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ҳимоя қилиш, уй-жой, ер ва мулкнинг реституциясияси, яъни олдиндан ва тенг қийматда қоплаб бериш, тиклаб бериш ёки қайтариб бериш ҳамда ушбу масалалар юзасидан қарорларни қабул қилиш жараёнида мулк эгасининг шахсан иштирокини таъминлашдан иборат.

Шу боис, Конституциямизга “Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга номувофиқ ҳолда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади” деган норма киритиш мақсадга мувофиқ.

Шу билан бирга, давлат аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш мақсадида ушбу соҳада давлат уй-жой сиёсати ва концепцияларини қабул қилади. Ижтимоий давлат тамойилининг муҳим белгиси ҳам айнан боқувчисини йўқотган аёл ва болалар, қарилар, ногиронлиги бор бўлган шахслар ҳисобланган аҳолининг заиф қатламини уй-жойга эга бўлиш имкониятини кенгайтириш ҳисобланади.

Халқаро ҳужжатларда “етарли даражадаги уй-жой билан таъминлаш” ҳуқуқи” инсоннинг ажралмас ҳуқуқлари сифатида тан олинган.

Етарли даражада уй-жой билан таъминлаш – бу нафақат тўртда девор ва том назарда тутилади. Авваломбор, уй-жойнинг етарли даржада бўлиши учун қатор шартларга жавоб бериш керак. Хусусан,

Биринчидан, кафолатланган унга даражада эгалик қилиш, яъни мажбурий тарзда кўчириш, таъқиб қилиш ва бошқа таҳдидлардан ҳуқуқий ҳимоя қилиниши лозим;

Иккинчидан, инсоннинг яшаши учун қулай шароитга эга бўлиш, яъни товар ва хизматлар, қулайлимклар ва инфратузилмалардан эркин фойдаланиш;

Учинчидан, арзон бўлиши, яъни унинг нарҳи инсоннинг бошқа ҳуқуқларини амалга ошириш учун имкониятлардан узилмаслиги лозим;

Тўртинчидан, унда яшаш учун қулайликларга эга бўлиш керак, яъни қаттиқ совуқ, жудаям иссиқ, шамол ва соғлиқ учун зара бўлган бошқа ташқи омиллардан ҳимояланган бўлиш керак;

Бешинчидан, жойлашуви қулай бўлиши керак, яъни уй-жой меҳнат қилиш, тиббийий хизматлардан фойдаланиш, таълим ва бошқа ижтимоий объектлардан узилиб қолмаслиги лозим.

Шу боис, Конституцияда “Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади” каби қоидани киритиш мақсадга мувофиқ.

Умуман олганда, таклиф этилаётган нормаларнинг Конституцияга киритилиши бир неча йиллардан буён жамиятимизда ўткир муаммолардан бирига айланган “снос” билан боғлиқ муаммога нисбатан халқпарвар, мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилувчи оқилона ечим эканлигини тасдиқлайди. Шунингдек, аҳоли учун уй-жой қурилишини рағбатлантириш, айниқса эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш Конституциявий даражада мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқдир.

Сахипжамал Джолдасова, эксперт, юридик фанлари доктори, доцент

    Бошқа янгиликлар