1 март куни Андижон вилояти Хонобод туманидаги меҳмонхоналарнинг бирида ёнғин содир бўлди. Ҳолат юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 16:26 да “Хонтоғ” МФЙ ҳудудида жойлашган “Хонтоғ” меҳмонхонасининг иккинчи қаватида ёнғин чиққан. Оқибатда бинодаги музқаймоқ кафесининг 60 квадрат метр майдонида шифт, том қисми ва жиҳозлар ёнган.
ФВБ ходимлари воқеа жойига соат 16:32 да етиб борган ва 16:45 да ёнғин тўлиқ ўчирилган.
Ушбу фалокатдан бинонинг 50 квадрат метр майдони сақлаб қолинган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда.






