Tesla компанияси Мексикада корхона яратиш учун бир неча миллиард доллар сармоя киритади. Завод Мексика шимоли-шарқидаги Нуево-Леон штатидаги Санта-Катарина ҳудудида, АҚШ чегараси яқинида жойлашади. Бу ҳақда республика ташқи ишлар вазири ўринбосари Марта Делгадо маълум қилди дея хабар бермоқда Zamon.uz.
"5 миллиард доллардан ортиқ бундай инвестицияларни федерал ҳукумат кўмагисиз амалга ошириб бўлмайди ва биз ёрдам беришда давом этамиз, бу завод миллий бозор учун ҳам, экспорт учун ҳам 1 миллионга яқин электромобил ишлаб чиқаради", — деди у.
Февраль ойи бошида BMW компанияси Лотин Америкаси мамлакатининг марказий қисмидаги Сан-Луис-Потоси штатидаги заводида электромобиллар ишлаб чиқаришга 800 миллион евро сармоя киритишга қарор қилгани маълум бўлди. Кенг кўламли янги инвестициялар 2027 йилдан бошлаб у ерда электромобиллар ишлаб чиқариш имконини бериши кутилмоқда.






