Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси томонидан “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, Қизилтепа туманидаги “SH.D.” МЧЖ масъул шахслари корхона иссиқхонасига ўрнатилган электрон газ ҳисоблагичга ташқи томондан шикаст етказиб, жами 950,4 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Департаментнинг Марғилон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, Марғилон шаҳар ЭТК масъул шахслари ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганликлари оқибатида, “E.V.” унитар корхонасидаги 3 та электр ҳисоблагичлар рўйхатдан ўтказилмасдан қолиб, жами 684,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланган.
Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда, “I.p.” МЧЖ масъул шахслари корхонанинг ишлаб чиқариш цехидаги электр ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказиб, жами 682,1 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Департаментнинг Жалақудуқ туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “B.s.” МЧЖ масъул шахслари МЧЖга қарашли тошни қайта ишлаш цехида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 238,1 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Бўстон тумани бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “O.A.” фермер хўжалиги масъул шахслари хўжалик чорва биносини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, жами 210,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Департаментнинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда эса, фуқаро М.Ш. паррандачилик фермасидаги электр ҳисоблагичнинг ҳимоя қопқоқларини бузиб, ташқи таъсир кўрсатиб, жами 109,9 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
28.02.2023 10:46
6 та вилоятда табиий газ ва электрга ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди






