АсосийJamiyat

ОАВ ва блогерлар шахсий ва жамият эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатни сақланишга чақирилди

'ОАВ ва блогерлар шахсий ва жамият эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатни сақланишга чақирилди'ning rasmi

Адлия вазирлиги ОАВ ва блогерларни шахсий эҳтиёжлар ва жамият эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатнинг сақланишини таъминлашга чақирди

Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда очиқдан очиқ ёки турли яширин шахсий саҳифалар, гуруҳлар орқали шахснинг қадр-қимматини камситиш орқали ҳақорат қилиш ва уни шарманда қилишга қаратилган ҳолатлар кўпайиб бормоқда.

Жумладан, туҳмат қилганлиги учун 2018–2022 йилларда 11 574 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Айни шу даврда ОАВ ёки интернет орқали ушбу жиноятни содир этган 28 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

ОАВ ва интернет тармоғи орқали ҳақорат қилиш билан жиноятини содир этганлиги учун 2020 йилда 16,  2021 йилда 31, 2022 йилда 58 нафар шахслар суд томонидан айбдор деб топилиб, тегишли жавобгарликка тортилган.

Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатганлик учун 2021-2022 йилларда 159 киши маъмурий жавобгарликка тортилган.

Рақамлардан кўриниб турибдики, ахборот майдонида туҳмат, ҳақорат, шахс қадр-кимматини камситиш каби жиноятларга қарши кураш бугун пайдо бўлиб қолмаган, балки сўз эркинлигини таъминлаш билан параллел равишда мунтазам кечаётган жараёндир.  

Адлия вазирлиги мазкур ҳолатларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланганлигини яна бир бор эслатди.

Адлия вазирлиги барча фуқароларимизни, шу жумладан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий фаол шахслар, блогерларни жамиятдаги муаммоларни фақат ҳуқуқий воситалар асосида ҳал қилиш ҳамда шахсий эҳтиёжлар ва жамият эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатнинг сақланишини таъминлашга чақиради, дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар