АсосийJamiyat

Пойтахтда сўнгги 5 йил давомида бирорта ҳам бола ўғирланмаган — ИИББ

'Пойтахтда сўнгги 5 йил давомида бирорта ҳам бола ўғирланмаган — ИИББ'ning rasmi

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда гўёки бола ўғрилари пайдо бўлганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолатга Тошкент шаҳар ИИББ ахборот мультимедиа маркази бошлиғи Нилуфар Исаханова расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг шу даврига қадар пойтахтда гўёки бола ўғирлангани ёки бола ўғирланишига қасд қилингани ҳақидаги 6 та хабар тарқалди. Ҳар бир тарқалган хабар Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилган, лекин бирорта ҳам хабар ўз тасдиғини топмаган.

Таъкидлаш керакки, Тошкент шаҳри ҳудудида сўнгги 5 йил давомида бирорта ҳам бола ўғирланиши ҳолати содир бўлмаган. Тўғри, вояга етмаганлар бедарак кетган ҳолатлар бўлган, лекин барча вояга етмаганлар топилган ва оиласига қайтарилган.

Таҳлилларга кўра, вояга етмаганлар аксарият ҳолларда оила аъзолари билан ўзаро келиша олмаганлиги, улардан ҳафа бўлганлиги ёки турли тазъйиқларга учраган ҳолатларда ўз хоҳиши билан уйидан чиқиб кетади. Кичик ёшдаги болалар эса уйидан адашиб қолган ҳолатларда йўқолганлиги аниқланган. Уларнинг барчаси қисқа муддат ичида топилиб, соғ-саломат ҳолатда оиласига қайтарилган.

2022 йил давомида 231 нафар вояга етмаганлар бедарак кетган сифатида рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ёш бўйича таҳлили қуйидагича:

- 10 ёшгача 32 нафар;

- 10 ёшдан 14 ёшгача 32 нафар;

- 14 ёшдан 18 ёшгача 167 нафар.

    Бошқа янгиликлар