Туркиянинг собиқ ташқи ишлар вазири, мухолифатдаги Республика Халқ партияси собиқ раиси Дениз Байкал 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда партия етакчиси Камол Қиличдорўғлу маълум қилди.
“Туркияни севадиган раисимиз ва Республика Халқ партияси етакчиси, Анталия ҳудудидан депутатимиз, азиз оқсоқолимиз Дениз Байкал вафот этганини жуда катта қайғу билан маълум қиламан.
У бизга курашга тўла ҳаёт ҳикоясини қолдирди”, деб ёзди Киличдорўғлу Twitterъдаги саҳифасида. У жаноб Байкалнинг ўлими сабабларини очиқламаган.
Маълумот учун, Дениз Байкал 1938 йилда Анталияда туғилган. 1973 йилда у илк бор Республика Халқ партиясидан Туркия парламентига сайланган.
1970 йилларда у молия ва энергетика вазири лавозимларида ишлаган. 1995-1996 йилларда жаноб Байкал Туркия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ва мамлакат бош вазири ўринбосари бўлган. Шунингдек, 1992–1995 ва 2000–2010 йилларда Республика Халқ партияси раҳбари бўлган.






