АсосийJamiyat

“Агар беморни меҳр билан даволаб, тўғри ёндашсангиз, рози бўлиб ўзи сизга баракасини бериб кетади. Сўрамасангиз ҳам”, – Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов

'“Агар беморни меҳр билан даволаб, тўғри ёндашсангиз, рози бўлиб ўзи сизга баракасини бериб кетади. Сўрамасангиз ҳам”, – Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов'ning rasmi

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Фарғона вилоятида тиббиёт соҳаси ва ОАВ вакиллари билан учрашувда коррупция масаласида гапириб ўтди. 

Журналистларнинг коррупцияни камайтириш учун аввало ойликларни ошириш керак деган саволига Амрилло Иноятов шундай жавоб берди: “Агар беморни меҳр билан даволасангиз, рози бўлиб, ўзи сизга баракасини бериб кетади”.

Шундан сўнг, Аксилкоррупция агентлиги жамоат кенгаши Амрилло Иноятовнинг шифокорлар маоши ҳақидаги сўзларини қоралади.

Кенгашнинг таъкидлашича, бемор берадиган пулни шифокорни рағбатлантиришнинг йўли деб кўриш қонунчиликка ва коррупцияга қарши курашиш сиёсатига зид. Бу – коррупциявий жиноятлар кўпайишига, шифокор касби мавқейининг пасайишига, соғлиқни сақлаш тизимига халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади, дейилади кенгаш баёнотида.

Бу фикр ижтимоий тармоқларда танқидларга сабаб бўлди. Вазирнинг сўзларига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳам муносабат билдирди.

“Жамоатчилик кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятининг коррупциянинг олдини олиш бўйича бошлаган ишларини қўллаб-қувватлайди.

Шу билан бирга, шарафли касб эгалари – шифокорларни рағбатлантириш йўлларидан бири сифатида беморлар берган маблағнинг эътироф этилишини қонунчиликка ва мамлакатда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш сиёсатига зид ҳаракат сифатида қайд этади.

Мазкур таклиф тизимда коррупциявий жиноятлар сонининг ортишига ҳамда шифокор касби мавқейининг пасайишига, соғлиқни сақлаш тизимига халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг қўшма баёнотида “тиббиёт ходимларига муносиб меҳнат шароитини яратиш ва даромадини ошириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалий чоралар кўриш, бунда, тиббиёт ходимлари малакасига, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми, мураккаблик даражаси ва сифатига қараб меҳнатга ҳақ тўлашнинг тоифаланган замонавий механизмларини жорий этиш” белгиланган.

Шифокорларни рағбатлантиришда беморлардан пул олиш сингари (ихтиёрий ёки ихтиёрий эмаслигидан қатъи назар) ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш ҳамда ҳақ тўлашнинг тоифаланган механизмини жорий этиш – ССВнинг асосий мақсади бўлиши лозим",–дейилади Жамоатчилик кенгаши баёнотида.

Аксилкоррупция органи ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши бу масала устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини маълум қилган.

    Бошқа янгиликлар