Хабарингиз бор, бугун Туркиянинг кўплаб минтақаларида зилзилалар қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига кўра, 2023 йил 6 февраль Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, мамлакатимизнинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарига зилзила оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмади.
Туркиянинг жануби-шарқий қисмидаги вилоятларда юз берган кучли зилзилалар оқибатида кўплаб одам қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик йўллади.
Қайд этиш лозим, Туркияга мусобақа ва машғулотларга жўнаб кетган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига зилзила оқибатида зарар етмаган. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси ҳамюртларимиз билан доимий мулоқотда бўлиб турибди. Спортчиларимизнинг ҳолати доимий тарзда назорат қилиб борилмоқда.
Хусусан, Эркин кураш бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркиянинг Кахраманмараш шаҳрида 3-6 февраль кунлари ўтиши белгиланган халқаро мусобақада иштирок этаётган эди. Бироқ мазкур ҳудуд айни пайтда эпицентр марказига айланиб қолди. Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси ёрдами билан спортчиларимизни Анқара шаҳрига жўнатиш чоралари кўрилмоқда. Шундан сўнг терма жамоамиз Анқара-Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича мамлакатимизга қайтиб келади. Ҳозирда спортчи ва мураббийларнинг барчалари соғ-саломат.
Қолаверса, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам Туркия йиғинида бўлиб турган бир нечта футбол клублари ва турли ёшдаги терма жамоаларимиз аъзоларининг саломатлиги яхшилиги ҳақида расмий маълумот берди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Туркияда бўлиб турган ҳамюртларимизга зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Анқарадаги Элчихонаси (+90-312-441-38-71, +90-312-441-17-46) ёки Истанбулдаги Бош консулхонасига (+90-212-323-20-37, +90-212-323-20-39) мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди.






