Ўзбекистонлик шахматчиларнинг сўнгги бир йил давомида халқаро ареналардаги эришган натижалари, сенсацион ғалабалари ортидан Ўзбекистон – йилнинг энг яхши шахмат мамлакати деб эътироф этилди. Бу ҳақда “Europe Echecs” хабар берди.
Нидерландияда ўтказилган “Tata Steel Chess-2023” халқаро турнири якунида ўзбекистонлик шахматчилар Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров йилнинг энг яхши шахмат мамлакатига топшириладиган “Tour D'or” - “Олтин минора” совринини қабул қилиб олди.
Ўзбекистон шахмат федерациясига Европа шахмат совринини франциялик машҳур гроссмейстер Башар Куатли топширди.
Эслатиб ўтамиз, Нидерландияда ташкил этилган “Tata Steel Chess-2023” халқаро турнирида Абдусатторов иккинчи, Синдоров учинчи ўринни эгаллаган эди.






