Бугун, 27 январ куни Human.uz сайти директори Хуршид Далиев, сайт бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва сайтнинг бошқа ходимлари — жами етти киши нашрнинг Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган офисидан олиб кетилган. Бу ҳақда сайтнинг телеграмдаги канилда хабар қилинди.
Маълум қилинишича, номаълум “орган ходимлари” томонидан офисдаги эшиклар бузиб кирилган ва барча маълумотлар, қурилмалар тинтув қилинган.
"Таҳририят ушбу ҳолатни Ўзбекистон Президенти сиёсатига мутлақо зид ва сўз эркинлигига таҳдид деб ҳисоблайди", дейилади расмий телгарм каналида.
Бир муддат ўтиб, сайт офиси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қуйи Чирчиқ тумани бўлими суриштирувчиси Э. Абламуродов имзоси билан муҳрлангани маълум қилинди.
Kun.uz’нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаси таяниб хабар қилишича, сайт масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва сайт масъулларидан ташқари давлат ташкилотларида ишловчи бошқа шахслар ҳам процессуал тартибда ушланган.
Айни пайтда Республикадаги бирор расмий идора томонидан ҳолат бўйича бирор расмий муносабат билдирилмади. Фақат Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди вазиятдан хавотирдалигини билдирган.
"Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу масала бўйича изоҳ берилишини кутамиз ҳамда журналистлар хавфсизлиги, шуниндек, уларнинг профессионал фаолиятига қонуний муносабатда бўлиниши таъминланишини сўраймиз", - дейилади фонд муносабатида.
Айни пайтга қадар олиб кетилганларнинг ҳеч бири билан алоқага чиқишнинг иложи бўлмаяпти.






