Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан айни пайтда Бош вазир Абдулла Арипов раислигида мамлакатимизда давом этаётган аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Йиғилишда маълум қилинишича, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Закиров) эндиликда янгидан қуриладиган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига энергия самарадорлик даражаси юқори бўлган қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаланишни мажбурий тартибда киритиши топширилди.
Бу борада энергиятежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам эътибор қаратиш кераклиги қайд этилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда жами 13,2 минг тонна базальт хомашёси ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса йиллик эҳтиёж (5 млн м кв ёки 36 минг тонна) 30 фоизини ҳам ташкил этмайди.
Шу боис, Ўзсаноатқурилишбанк (Аннакличев) “Ўзсаноқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда жойларда базальт хомашёси ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, йил якунига қадар камида 5 минг тонналик қувват яратиши кераклиги таъкидланди.
“Ўзэлтехсанот” уюшмаси (Юнусов) ҳам икки ой муддатда трансформаторлар, кабеллар, қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.






