23 январь куни маҳаллий вақт билан соат 04:26 да Россиянинг “Азимут” авиакомпаниясининг Минералние Водидан учган самолёти "Самарқанд" халқаро аэропортига қўнди. Анъанага кўра, экипаж ва йўловчилар терминалда тантанали равишда кутиб олинди. Бу ҳақда "UZBEKISTAN AIRPORTS" хабар бермоқда.
"Минералние Воды — Самарқанд — Минералние Воды" йўналиши бўйича мунтазам рейслар "Sukhoi Superjet 100" самолётида ҳафтада бир марта — душанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Таъкидланишича, “Азимут” авиакомпанияси Минералние Воды шаҳридан Тошкент, Қарши, Навоий, Урганч, Бухоро халқаро аэропортларига мунтазам рейсларни ҳамда Фарғона ва Наманганга чартер рейсларини амалга оширади. Бундан ташқари, авиаташувчи Тошкент ва Самарқандни мунтазам қатновлар орқали Москва билан боғлайди.
Маълумот учун: "Азимут" — бош қароргоҳи Ростов-на-Дону ва Краснодарда жойлашган Россия авиакомпанияси ҳисобланади.






