Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг хабар беришича, ўтган ҳафтада Ер юзи бўйича 2,7 миллиондан ортиқ кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Улардан 13 минг нафарга яқини касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, 9-15 январь саналарида хасталаниш кўрсаткичлари ундан аввалги ҳафтага нисбатан 9 фоизга камайиб, ўлим ҳолатлари эса аксинча қарийб 1 фоизга ошган.
Ташхислар сонининг сезиларли пасайиш динамикаси асосан Африка (-40 фоиз), Европа (-35 фоиз) ва Жануби-Шарқий Осиё (-17 фоиз) мамлакатларида кузатилган.
Ўлим кўрсаткичлари эса Ғарбий Тинч океани минтақасида 43 фоиз, Жанубий ва Шимолий Америкада 10 фоиз ҳамда Шарқий Ўрта ер денгизи минтақаси мамлакатларида 9 фоизга ўсган.
Ўтган ҳафтада энг кўп беморлар аниқланган мамлакатлар:
- Япония — 1 миллион,
- АҚШ — 416 минг ,
- Жанубий Корея — 286 минг,
- Австралия — 191 минг,
- Хитой — 190 минг.
Энг кўп ўлим ҳолатлари қайд этилган давлатлар:
- АҚШ — 3922,
- Япония — 2849,
- Хитой — 802,
- Австралия — 742,
- Франция — 520.
Эслатиб ўтилишича, мутахассислар дунёда коронавирусдан ўлим кўрсаткичлари ҳамон юқорилиги боис барча аҳоли қатламига тўлиқ босқичда ва бустер дозада эмланишни тавсия этмоқда.






