Ижтимоий тармоқларда “Хоразм – Тошкент йўналишидаги автобуслар манзилига вақтида етиб боролмаяпти”, “Хоразмдан Тошкентга йўлга чиққан автобус 24 соатда Самарқандга борди” сарлавҳаси билан видеолар тарқалди.
Унда Хоразмдан чиққан автобус 24 соат давомида Самарқанд вилоятига етиб борганлиги бунинг сабаби Метан газ сабаб қилиб кўрсатилгани айтилган.
"Биздан 150 минг сўмдан пул олинди, энди вақтида олиб келсин", дейди йўловчилардан бири.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Транспорт вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Хоразм вилояти транспорт бошқармасида 16 январь куни тегишли ташкилотлар ҳамда автобус ҳайдовчилари билан биргаликда йиғилиш ўтказилган. Унда асосан йўл кира тарифларини сунъий ошириш ҳолатларига йўл қўймаслик, қатновлар мунтазамлигини таъминлаш ҳамда қўшимча автобус ва микроавтобуслар йўналишларини ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилган.
Юқорида кўрсатилган тушунтириш ишларига қарамасдан, жорий йилнинг 17 январь куни соат 15:00 да Урганч автовокзалидан иккита автобуслар “Урганч – Тошкент” йўналиши бўйича 102 та йўловчи билан ҳаракатланган.
Натижада автобуслар 18 январь куни соат 05:30 ларда Навоий вилоятида газ ёнилғиси тугаши, ушбу ҳудуддаги АГТКШлар ишламаётгалиги сабабли қатновларни охирига етказишнинг имкони бўлмаган.
Вужудга келган муаммони зудлик билан бартараф этиш юзасидан Навоий ва Самарқанд вилояти транспорт бошқармалари билан ҳамкорликда йўловчилар «САМО» меҳмонхонасига вақтинчалик жойлаштирилди.
18 январь соат 10:27 ларда дизель ёнилғисида ҳаракатланувчи автобусларни жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳри йўналиши бўйича ҳаракат йўлга қўйилиб йўловчилар охирги манзилга етказилди.
Йўловчилар томонидан кўрилган зарар ташувчи корхона томонидан қоплаб берилди.
Бундай ҳолатлар қайта такрорланмаслиги бўйича Урганч автовокзали масъуллари қатъий огоҳлантирилган.






