Ғиждувон туманида жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Ғиждувон тумани Ички ишлар бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, 2022 йилнинг январь ойидан ноябрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахслар туманнинг “Кўкча” маҳалласида жойлашган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ “Навоий магистрал электр тармоқлари” филиалига қарашли Навоий ва Зарафшон шаҳарларини боғлаб турувчи юқори кучланишли «л-А-Б», «л-17-Д» ва «л-17-А» электр узатиш ҳаво тармоқларининг таянчларини ушлаб турувчи жами 33.000.000 сўмлик металл бурчак (уголник) қисмларини яширин равишда талон-торож қилиб, “Навоий магистрал электр тармоқлари” филиалига анча миқдорда моддий зарар етказганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор-техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни Ғиждувон тумани “Тодон” маҳалласида яшовчи 1990-йилда туғилган Х.А. исмли шахс ўзининг жиноий шериклари, шу туман “Ростгўй” маҳалласида яшовчи Д.Ҳ., “Кўшк” маҳалласида яшовчи А.Д. ва “Денов” маҳалласида яшовчи Б.У. лар билан олдиндан тил бириктириб, жиноий гуруҳга бирлашиб содир қилганликлари фош этилди.
Ҳозирги кунда ушбу жиноий гуруҳ томонидан вилоятимизнинг бошқа бир қатор туманларида содир этилган худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятлари юзасидан тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.






