Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан ўтказилган йиғилишда "Свет" ва газ муаммоси ортидан Тошкент шаҳар ҳокими ва яна икки мансабдор ишдан олинган эди.
Шундан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Рахмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда, шаҳар ҳокими ўринбосарлари, шаҳар ва туман секторлари раҳбарлари, бош бошқарма ва бошқарма бошлиқлари, ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Бахтиёр Рахмонов Президент томонидан қайд этилган барча камчиликлар, аввало, бугунги кунда долзарб бўлган электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишларни бартараф этишга асосий эътибор қаратди.
Ҳокимлик ахборот хизматининг хабар беришича, йиғилишда бир ҳафта мобайнида барча туманлардаги маҳаллаларда аҳолининг табиий газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш, содир бўлаётган узилишларни қисқа вақт ичида бартараф этиш вазифалари белгилаб олинди.
"Бунинг учун мутасаддиларга ишга жиддий киришиш, бор имкониятлардан оқилона фойдаланиш, қўшимча кучларни жалб этиш топшириғи берилди",–дейилади хабарда.






