АсосийJamiyat

Президент Ортиқхўжаевни нега ишдан олгани маълум бўлди (видео)

'Президент Ортиқхўжаевни нега ишдан олгани маълум бўлди (видео)'ning rasmi

Шавкат Мирзиёев қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ишдан олди. Давлат раҳбари ҳокимнинг лавозимдан олинишини «оёғидан ердан узилгани» билан изоҳлаган.

«Аҳолимиз табиий газ ва электр таъминоти, коммунал хизматлар сифатидан жиддий эътирозларини билдиряпти, буни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарларини бугунги ҳолатга тайёр эмаслигини ўзим ҳам, халқимиз ҳам кўриб турибди.

Ҳозирги кунда пойтахтда 3 миллион киловатт чеклов ўрнатилгани, 6 мингга яқин улгуржи истеъмолчилар газ тармоғидан узилганига қарамай, 120 та маҳаллада электр ва газ таъминотида узилишлар бўлди… Биргина 15 январь куни Тошкент шаҳридаги 7 та юқори ва 524 та паст кучланишли трансформатор ҳамда 87 та трансформатор ортиқча юкламага бардош бера олмай ишдан чиқди. Айниқса, Юнусобод, Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманларида бир кунда 100 га яқин маҳаллаларда авариялар бўлди.

Нега пойтахтда шундай бўляпти? Нима учун биз олдиндан тайёргарлик қилмадик? Вазирлар Маҳкамаси масъуллари шунча гап гапирганимиз билан қаерга қаради деган савол, албатта, мени қийнаяпти.

Шу боис вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевни ишдан олдим. Кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон ‘сводка’ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим», — дейди Президент.

Шунингдек, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимларига ҳайфсан берилди ҳамда «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Ф.Абдурахмонов лавозимидан озод этилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Рахмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев шаҳар прокурори этиб тайинланган.

Президент Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага бугун лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортишни топширган.

    Бошқа янгиликлар