Ўзбекистонда 13 январь куни аномал совуқ сабаб поездлар ҳаракати жадвалига ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу каби қарор йўловчи поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Шунинг учун бугун йўловчи поездларнинг жўнаш ҳамда манзилга етиб бориш вақтларида ўзгаришлар бўлади.
«Ҳар бир йўловчини ўз манзилига хавфсиз олиб борилишини таъминлаш энг муҳим вазифадир. Шуни инобатга олган ҳолда, ‘Ўзтемирйўлйўловчи’ АЖ раҳбарияти йўловчилардан, келиб чиққан бундай вазиятни тўғри тушунишларини истаб, келтирилган ноқулайликлар учун узр сўрайди», дейилади хабарда.
Шунингдек, 13 январь тонгида Бухоро—Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланувчи «Афросиёб» тезюрар поезди носозлик сабаб «Малик» станциясида тўхтаб қолган. Йўловчиларни пойтахтга олиб келиш учун у ерда захира таркиб йўналтирилган.






