Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш имконияти яратилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Мазкур адвокатларни ишга жалб этиш инсон омилисиз “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали тасодифий танланади.
Маълумот учун: амалда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиши учун адвокат фақат жиноят ишлари бўйича суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан жалб этилади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар очиқ ва шаффоф ҳолда “Юридик ёрдам” ахборот тизимида эълон қилинади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизими “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, тегишли процессуал қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилганидан сўнг ишга туширилади. Бугунги кунда қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилмоқда.
Ушбу лойиҳа билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари яратилади.
Бепул юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтирилиши ва шаффофлаштирилиши фуқароларга одил судловга эришиш даражасини оширади.






