Оҳангарон туманидаги иккита АГТКШ табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, жорий йил 10 январь куни соат 02:10лар атрофида ишчи гуруҳ томонидан Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани, «Ўзар» МФЙда жойлашган “Барҳаёт плюс” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси (АГТКШ) белгиланган ўчириш графигига риоя этмаган ҳолда фаолият кўрсатаётганлиги аниқланди.
Шунингдек, ушбу ҳудудда жойлашган “Метан транс сервис” МЧЖ ҳамда “Барҳаёт плюс” МЧЖга қарашли АГТКШларнинг газ ҳисоблагичлари белгиланган тартибга зид равишда ўрнатилганлиги маълум бўлди.
Мазкур шохобчаларнинг газ ҳисоблаш ускуналари экспертизадан ўтказилганда, ушбу ускуналар фойдаланишга яроқсиз деб топилди ва охирги назорат кунидан бугунги кунга қадар қайта ҳисоб-китоб қилинди. Натижада “Барҳаёт плус” МЧЖ ва “Метан транс сервис” МЧЖларга 300 млн сўмдан (жами 600 млн сўм) қўшимча табиий газ ҳисобланди.
Шу билан бирга, “Барҳаёт плус” МЧЖда 31 млн сўм ҳамда “Метан транс сервис” МЧЖда 80 млн сўм (жами 111 млн сўм) электр энергияси учун қарздорлиги аниқланди.
Мазкур газ тўлдириш компрессор шохобчалар табиий газ тармоғидан узилди.






