Эртадан, 11 январдан Фарғона вилоятидаги 12 та олий ўқув юртлари, 76 та техникумлар, коллежлар, касб-ҳунар мактабларида ўқишлар бошланиши белгиланган.
Вилоят ҳокимлиги берган хабарга кўра, ҳудуддаги 975 та умумтаълим мактабларида, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда эса ўқиш 16 январь, душанба кунидан бошланишига қарор қилинган.
Вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳам 16 январдан одатий фаолиятига қайтади.
Эслатиб ўтамиз, 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг тегишли йиғилиш баёнига асосан, Ўзбекистонга аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январга қадар узайтирилди ва 10 январь куни Ҳукумат ушбу қарорини ўзгартириб, 11 январдан университетлар, техникум, коллеж ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланишини маълум қилди.






