Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Ўзбекистонда “Quramax” дори воситалари сотилишини тўхтатиш бўйича топшириқ бергани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси томонидан ўтказилган “Док-1 Макс” ҳамда “Амбронол” дори воситаларининг чуқурлаштирилган сифат назорат натижаларига кўра, ушбу препаратлар норматив ҳужжатда кўрсатилган таркибга номувофиқлиги аниқланган.
Хусусан, уларнинг айрим серияларида пропиленгликоль моддаси ўрнига ёки у билан бирга этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари мавжудлиги маълум бўлди.
Шуни инобатга олган ҳолда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва қолган дориларни ҳам қўшимча текширувдан ўтказиш мақсадида эҳтиёт чораси сифатида “Quramax Medical” МЧЖ томонидан 2022 йил юртимиз ҳудудига олиб кирилган барча препаратлар сотуви тўхтатилди. Бу ҳақда ССВ хабар бермоқда.
Айни пайтда бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари ходимлари ўзига бириктирилган барча хонадонларда фаол патронаж ишларини олиб бормоқда.
Бунда, уйма-уй юрган ҳолда “Хонадон дори қутиси”ни шахсан назоратдан ўтказиш, муддати ўтган препаратлар, сақлаш қоидалари бузилган ҳамда “Quramax Medical” компаниясининг барча дори воситаларини қабул қилмаслик ва истеъмолдан чиқариш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Док-1 Макс" дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатлари аниқланган эди. Шундан сўнг ССВ Ўзбекистонда "Док-1 Макс" дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олишни бошлади ва сироп иши бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Ҳозирча, дорининг салбий таъсири оқибатида вафот этган болалар сони 20 нафарга етган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Ушбу воқеалар ортидан Қирғизистонда ҳам “Dok-1 Maks” дори воситаларини сотиш тақиқланди. 30 декабрдан бошлаб эса Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Ўзбекистондаги барча дори воситаларининг савдоси тўхтатилди.
Сал аввал Тошкентда ҳам ўнлаб бола "Док-1 Макс, Цинепар Кид, Амбронол..." Яна 10 га яқин бола Тошкентдаги 16-шифохонага ётқизилгани хабар қилинган эди.
Шунингдек, 2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётган болакай айни пайтда вафот этгани айтилмоқда.






