Мамлакатимизда 2023 йил 1 январидан бошлаб чет давлат фуқароларига улар томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларидан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган ҚҚС суммаси “TAX FREE” тизими орқали қайтариб берилади. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Таъкидланишича, Бухорода ушбу пул маблағларини қайтаришни расмийлаштириш жараёнлари Бухоро халқаро аэропортида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Солиқ сервис” унитар корхонасининг сервис шохобчаси орқали амалга оширилади.
Мазкур шохобча ўз ишини бошлади.
Шохобчанинг очилиш маросимида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Солиқ сервис” унитар корхонаси, вилоят давлат солиқ ва божхона бошқармалари ҳамда Бухоро халқаро аэропорти масъуллари қатнашди.
Таъкидланишича, “TAX FREE” республиканинг барча ҳудудларидаги чакана савдо объектларида қарор билан тасдиқланган рўйхатга киритилган товарларга нисбатан қўлланилади.
Бунинг учун чет давлат фуқароси “Солиқ” мобил иловасида рўйхатдан ўтиши ва харидлари бўйича тақдим этилган onlayn-NKT фискал чекларини сканерлаши керак.
“TAX FREE” суммасини ҳисоблаш, уни чет давлат фуқаросининг банк пластик картасига ёки банк ҳисобварағига ўтказиб бериш тизим оператори “Солиқ-сервис” ДУК томонидан амалга оширилади.
Бухоро вилояти ДСБ матбуот хизматининг хабар беришича, “TAX FREE” суммаси чет давлат фуқаросининг республика ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқлангандан сўнг, харид амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин қайтарилади.






