Қатор халқаро рейтингларда Ўзбекистон ўз ўрнини яхшилади. Бу ҳақда "Yuksalish" умуммиллий ҳаракати хабар берди.
Жаҳон миқёсида Ўзбекистон нуфузини оширишда, мавқеини мустаҳкамлашда халқаро рейтинг ва индексларнинг аҳамияти катта. Рейтинглар мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси, давлат бошқаруви сифати, аҳолининг турмуш даражаси, тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун қулай муҳит, барқарор иқтисодий ўсиш каби муҳим жиҳатларга кўзгу тутади.
2022 йилда эълон қилинган халқаро рейтингларда Ўзбекистон ўз ўрнини яхшилади. Масалан, GovTech Enablers индексининг рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар кўрсаткичи бўйича дунёда 4-ўринни эгаллаб, ўтган йилга нисбатан 65 поғонага кўтарилди.
Жаҳон банки томонидан Давлатларнинг технологик тайёргарлиги индекси (GovTech Maturity Index)да мамлакатимиз 198 давлат орасида 43-ўринни эгаллаб, 37 поғонага кўтарилди.
Матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон бирдан 24 поғонага юқорилади — 157-ўриндан 133-ўринга лойиқ кўрилган.






