Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни кўриб чиқилди.
Мазкур халқаро битимни ратификация қилиш ҳақидаги Қонун Ўзбекистон ва Туркия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ учун ҳуқуқий асос ва имконият яратади.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга кўра маҳкумлар қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ келишаётган томонларнинг мурожаатлари асосида берилади.
Муҳокама чоғида сенаторлар маҳкумларнинг жазони ўз юртида ва жамиятида ўташи уларга яқинлари билан мунтазам кўришиб туриш имконини беришини, бу эса оилавий муносабатларга ижобий таъсир кўрсатишини, шунингдек, маҳкумларнинг жамият ижтимоий ҳаётига мослашишига ёрдам беришини алоҳида таъкидлади.
Шубҳасиз, Қонун қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради, республиканинг халқаро майдондаги ижобий нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маълумки, Битим 2022 йил 30 март куни Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи доирасида имзоланган эди.
Муҳокама якуни бўйича сенаторлар Битимни ратификация қилиш ҳақидаги Қонунни маъқуллади.






