Бугун ижтимоий тармоқларда университетда ректорга салом бермагани учун талабани калтаклашгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникасиялар университети Одоб-ахлоқ комиссияси баёноти эълон қилинди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Одоб-ахлоқ комиссиясининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда жорий йилнинг 9 сентябрь куни университет талабаси Ж.Маҳмудов ҳамда университет ходимлари У.Рустамов, Х.Мирзаев, Ф.Очиловлар ўртасида бўлиб ўтган келишмовчилик ҳолати кўриб чиқилди. Ўрганишга кўра, университет ходими Х.Мирзаев талаба билан ўзаро қўпол муомала сабабли шахсий тортишувга борганлиги маълум бўлди. Вазият университет профилактика нозири Ҳ.Содиқов томонидан ўрганиб чиқилган ва шу куннинг ўзида томонлар ярашуви қарори қабул қилиниб, масалага ечим берилганлиги аниқланди.
Бироқ, ярашув қарори қабул қилинганига қарамай, университет ички меҳнат тартиби қоидалари бузилганлиги юзасидан чора кўрилиши лозим деб топилди.
Меҳнат кодексининг 181-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораси яъни, ўз ваколати доирасидан ташқарига чиққанлиги сабабли Х.Мирзаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Бошқа ходимлар У.Рустамов ва Ф.Очиловга нисбатан ҳайфсан интизомий чорасини қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди. Шунингдек, Университет раҳбариятига ўз вақтида хабар бермаганлиги сабабли профилактика нозири капитан Ҳ.Содиқовга нисбатан тегишли чора кўрилиши учун туман Ички ишлар органига тавсия юборилди.
"Шуни яна бир бора таъкидлаймизки, Университет маъмурияти устоз-шогирд анъаналари, талабалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва жамоада ўзаро ҳурмат каби қадриятларга қатъий риоя қилади", - дейилади хабарда.






