Хабарингиз бор, Тошкентда талабаларга ётоқхонада жойлар етишмаётгани кенг муҳокамаларга учради. Сал аввал Олий ва ўрта махсус таълим вазири иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Бугун, 9 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳам айни мавзуда йиғилиш ўтказилди.
Унда бугунги кунда долзарб масала бўлиб турган талабаларни турар жой билан таъминлаш, улар учун ётоқ ўринларини яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда ҳокимлик.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокими сўз олиб, пойтахт азал-азалдан илм-маърифат маркази бўлгани, у талабалар билан доим гавжум ва файзли эканини инобатга олиб, бугунги кунда юзага келаётган ушбу масалани ҳамжиҳатликда тезкорлик билан ечиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.
Шундан сўнг, сўзга чиққан Тошкент молия институти, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат педагогика, Тошкент давлат техника, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар ва Ўзбекистон миллий университетлари, Тошкент тиббиёт академияси ректорлари ётоқхоналарда мавжуд ўрин жой, уларда талабаларнинг жойлаштирилганлик ҳолати ҳамда яна қанча жойга эҳтиёж борлиги ҳақида маълумот берган.
Қайд этилганидек, айни пайтда Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларининг 92 тасида ётоқхона қуввати 35636 ўринни ташкил этади. Бугунги кунда 27354 нафар талабанинг ётоқ жой бўйича эҳтиёжи қондирилди. Ишлар жадаллик билан давом этмоқда.
Таъкидланишича, бундан ташқари 2022 йилда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, олийгоҳ ва буджет маблағлари ҳисоби ҳамда инвестиция дастури доирасида яна 30 956 ўринли 60 та лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Йиғилишда вазирлик масъуллари томонидан кўрилаётган бу каби чоралар етарли эмаслиги, бошқа имкониятларни ҳам излаб топиш кераклиги таъкидланиб, қатор таклифлар ўртага ташлангани айтилади.
Шундан сўнг, Ж.Ортиқхўжаев пойтахтнинг Яшнобод туманида бунёд этилган "Ташкент индекс" савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли тадбиркорлар биносини бир ҳафта муддатда давлат хусусий шериклик шартлари асосида талабалар учун турар жойга айлантириш таклифини берган. Мазкур таклиф йиғилиш иштирокчилари томонидан муносиб қарши олинган.
Йиғилиш сўнгида олий таълим муассасалари масъулларига зудлик билан мавжуд эҳтиёж бўйича маълумотларни шакллантириш вазифаси қўйилган.






