"Ўзгидромет" марказининг маълум қилишича, бугун кундуз куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида 32-35° атрофида бўлган ҳарорат билан қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат республиканинг ғарбий ҳудудлари бўйича Волга бўйи ҳудудларидан салқин ва бироз нам ҳаво массалари кириб келиши давом этади.
Шанба ва якшанба кунлари ҳаво массасининг кириб келиши республиканинг барча ҳудудларига тарқалади ва ҳафта охирида кузги салқин сифатида ўзини намоён этади.
11 сентябрда осмонда кузги булутлар пайдо бўлади, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида бироз ёмғир ёғиш эҳтимоли бор. 11-12 сентябрда Фарғона водийси вилоятлари бўйича баъзи жойларда ва республиканинг тоғли ҳудудларида ёмғир ёғади.
Фронт кириб келишида 10-11 сентябр кунлари шамол 15-18 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилади, шанба куни Сурхондарё вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида шамолнинг кучайиши баъзи жойларда 20-23 м/с га етиши мумкин.
Республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати пасаяди ва якшанба кунига келиб кундуз кунги ҳарорат 23-28° гача пасаяди. Душанба кунига келиб тунги ҳарорат ўзининг минимумига етади, бунда термометр кўрсаткичи 10-13° гача тушади.






