Айни пайтда АОКАда Олий ва ўрта махсус таълим вазири иштирокида матбуот анжумани ўтказилмоқда. Унда вазир талабаларни турар-жой билан таъминлаш масалалари юзасидан ҳисобот бермоқда. Бу ҳақда айни пайтда ушбу тадбирда иштирок этаётган Darakchi.uz' мухбири хабар бермоқда.
"1991-2010 йилларда ётоқхона ўринлари сони камайса камайганки, кўпаймаган. 2010-2016 йилларда 2000 ўринли талабалар турар-жойи барпо этилган. Ҳозирги кунда битта талаба учун турар-жой қиймати 40-50 миллион сўм атрофида, яъни масалан, 400 ўринли талабалар турар-жойи тахминан 20 млрд сўм атрофида бўлади.
2017-2022 йил якуни билан 56 минг ўринли талабалар турар-жойи бўляпти. Бу 2010-2016 йилга нисбатан 28 баробар кўп.
Ўзбекистонда 2016 йилда 77 та ОТМ бўлган бўлса айни кунда уларнинг сони 172 тага етди. Унда таҳсил олувчи талабалар эса 200 минг нафардан 800 минг нафарга етди.
Талабалар турар-жойининг етишмаслик муаммоси олий таълим муассасалари, талабалар сонини кўпайтиргунга қадар ҳам кўп эди. Дунё олий таълим тизимини ўрганганимда бир нарсага гувоҳ бўлдим — талабаларни ётоқхона билан 100 фоиз таъминлаган бирорта давлат йўқ.
Айни пайтда Ўзбекистондаги ОТМлар ётоқхонасида 91 минг талабага жой бор. ОТМларда ўқувчи 211 минг нафар талабанинг эса турар-жойга эҳтиёжи бор", — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири.






