Дунёда юрак-қон томир касалликларидан ўлим кўрсаткичлари юқори. Шунга қарамай, замонавий тиббиёт ютуқлари, янгидан-янги муолажа усуллари оғир ҳолатларда ҳам инсон ҳаётини сақлаб қолиш, умрини узайтириш имконини бермоқда.
Хусусан, кейинги олти йилда Ўзбекистонда кардиохирургия соҳасида жуда катта ўзгаришлар бўлди. Аорта-коронар шунтлаш, юрак клапанларини алмаштириш, орттирилган ва туғма юрак нуқсонлари каби мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда ўзимизда муваффақиятли ўтказилмоқда.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Фарғона филиалида пойтахтдан келган етакчи кардиохирурглар билан бажарилган шундай операция натижасида 37 ёшли бемор И.Маҳмудовнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумки, юрак клапанлари яхши ишламаслиги нафас қисиши, чарчоқ, кўкрак қафасида кучли оғриқ ва юрак етишмовчилиги каби белгилар билан намоён бўлади.
Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида яшовчи бемор худди шундай аломатлар билан шифохонага мурожаат қилган. Чуқур текширувлардан сўнг унда аниқланган асоратларни юқори технологик операция ёрдамида бартараф этиш тавсия этилди.
Натижада Фарғонада илк бор аорта клапанини протезлаш амалиёти ўтказилди. Маҳаллий шароитда бажарилган ушбу операцияда мамлакатимизда саноқли бўлган “Штоккерт” сунъий қон айлантириш аппаратидан фойдаланилди. Мазкур технология амалиёт чоғида бемор юраги тўхтатилгач, сунъий юрак вазифасини бажарди.
Ҳозир беморнинг аҳволи яхши. Тегишли тиббий муолажалар даво эттирилмоқда.
07.09.2022 11:29
Фарғонада илк бор тўхтаб турган юракда аорта клапанини протезлаш амалиёти ўтказилди






