20 август куни ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган Касбилик яшовчи аёл қутқариб қолинди. Бу ҳақда "Nasafnews" хабар берди.
Маълум қилинишича, қишлоқда яшовчи аёл Х.С. ўз яшаш уйидан 3 нафар вояга етмаган фарзандларини олиб чиқиб кетган. Уйдан чиқишидан аввал аёл турмуш ўртоғи билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Ҳолатдан хабар топган ҳудуд профилактика инспектори шундан кейин қидирув ишларини амалга оширган.
Аниқ бўлишича, аёл Қарши тумани ва Қарши шаҳри чегарасидан оқиб ўтувчи Қарши магистраль каналига борган ва ўзини сувга ташлаган.
Инспектор ва аёлнинг акаси аёлни зудликда сувдан олиб чиқиб, унинг ҳаётини сақлаб қолди ва унга биринчи ёрдам кўрсатилди. Ҳозирда аёл ва болаларнинг аҳволи яхши.
"Ҳолат юзасидан Қарши тумани прокуратураси терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бормоқда" – дейилади маълумотда.






