Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Урганч туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда, Урганч туманида фермердан пул ундирмоқчи бўлган бош мутахассис ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Урганч тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси Ж.М. “S.S.” МЧЖ ва “Ш.Ш.” фермер хўжалигининг келгуси йилда экиладиган ғалла ер майдонлари гектарини кенгайтириб бериш эвазига хўжалик раҳбари Х.дан 2 900 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






