Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Яшнобод туманида содир бўлган муштлашув видеосига муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда "Cobalt" ва "Lacetti" автомашиналарининг тўқнашуви оқибатида йўл ҳаракати қатнашчилари ўртасидаги муштлашув акс этган видео тарқалди.
Маълум қилинишича, 1 сентябрь куни соат тахминан 15:45 да "Cobalt" русумли автомашина ҳайдовчиси 34 ёшли Б.Н. ва "Lacetti" русумли автомашина ҳайдовчиси 26 ёшли Ш.У. Яшнобод тумани, Авиасозлар ва Қорасув кўчалари кесишмасида майда тўқнашув содир этган. Тўқнашув туфайли йўл ҳаракати қатнашчилари ўртасида юзага келган жанжал муштлашувга айланиб кетган.
Оқибатда "Cobalt" автомашинасининг йўловчиси 36 ёшли Б.Н. тан жароҳатлари олиб шифохонага мурожаат қилган.
"Ҳозирда ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, унинг натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилинади", дейилади муносабатда.






