АсосийJamiyat

"Суд кучли бўлса, ҳамма соҳада "беспредел" кам бўлади"

'"Суд кучли бўлса, ҳамма соҳада "беспредел" кам бўлади"'ning rasmi

Кеча, 31 август куни Ўзбекистон етакчиси мустақилликнинг 31 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган тадбирда 2026 йилгача амалга оширилиши лозим бўлган 5 асосий вазифани санаб ўтганди.

Президент Администрациясида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсатига масъул Алламжоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда уаммо кўп, унинг ечими учун имконият кам. Шу боис юқоридаги 5 соҳани бажариш шарт ва зарур.

"Ўзимизни қанча ўққа-чўққа урмайлик, чегараланган имконият билан масалани охирига етказа олмаймиз. Ишларимиз натижаси чала-чулпа бўлиб қолаверади.  

Бунинг ечим қандай, деган саволга кеча Президент жавоб берди.  

У 5 та соҳани устувор қилиб ажратиб, ҳозирги бор имконият билан шу 5 та соҳани 5 га бажарамиз, унинг устига ўтириб олиб, ёйилиб кетмасдан ишлаймиз, демоқчи бўляпти",-дейди у.

Хўш, ундаги масалалар доим айтиб келинарди-ку. Кечаги Президент маърузаси нимаси билан фарқ қилади? Нега айнан шу 5 та соҳа?  Масъул шуларга ҳам изоҳ бериб ўтди

"Таълим ривожланса, билимлилар кўпаяди. Билимлилар юрти ҳеч қачон қолоқ бўлмайди.  

Бизнес ортидан одамлар, жамият бой бўлади. Камбағаллик қисқаради. Бойлари кўп юртда турли соҳалар, сервис хизматлар, умуман яхши ҳаётга интилиш кучаяди ва барпо бўлади.  

Бизнесменлар ҳуқуқларини шахслар эмас, қонун, одил суд ҳимоя қила олса, улар пулини четга олиб чиқиб кетмайди, четдан кирадиган инвесторлар сони ҳам шунга қараб кўпаяди, чунки уларда ҳам ишонч бўлади. 

Аслида, ҳамма муаммонинг ечими бу — одил суд. Суд кучли бўлса, оддий айтганда таълимда ҳам, бизнесда ҳам, медицинада ҳам, сувда ҳам — ҳамма соҳада  "беспредел" кам бўлади. Ҳамма ўзининг ўрнини билиб юради. Эртага сув қуриб қолса, ислоҳотлар ҳам кўнгилга сиғмайди. Ҳозир сув камайиши тезлашган. Яқин йилларда айрим ҳудудлар чўлга айланиб, қурғоқчилик кучайиб кетиши хавфи ортиб бораяпти. Медицина муҳимлигини-ку гапирмаса ҳам бўлади. У ердаги коррупция ва сифатсиз хизматга ҳар биримиз доим тўқнаш келамиз.  Бир сўз билан айтганда, айнан шу 5 та соҳани 5 га бажара олишимиз шарт",-дейди Алламжонов.

    Бошқа янгиликлар