Абитуриентларнинг имтиёзларига оид маълумотлар электрон базага киритилгани сабаб 2022 йилда бакалавриатга қабул натижалари ўз вақтида эълон қилинган. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz.
“Мандат ҳамма учун бир вақтда тайёрланади. Абитуриентлар 3-5 та йўналишни танлайди, шуни ҳисобга олиб, мандат жавобларини бир вақтга қилмасак бўлмайди.
Бундан ташқари, бизда турли ташкилот, идоралар берадиган 40 дан ортиқ имтиёзлар бор. Ҳаммаси тугаганидан кейин, мана шу имтиёзларнинг барчасини кўриб чиқиш керак. Минг афсуски, олдинги йилларда буларнинг кўпи электрон рақамлаштирилмаган эди. Мана ҳозир ҳам бу иш охирига етказилмаган. Агар имтиёзларнинг ҳаммаси электронлаштирилиб, базада шакллантирилса, бизда муаммо бўлмайди.
Аммо базаси якунланмай, кимдир қолиб кетган бўлса, тартиби бўлмаса, кўп кўрсаткичлар киритилмаган бўлса, бу ҳолда муаммо бўлади. Муаммонинг охирига етмагунча, мандатни қилиб бўлмайди. Битта одам келиб, қолиб кетгани борасида ДТМга шикоят қилса ҳам, биз мандатни қайта кўриб чиқишимизга тўғри келади. Шунинг учун имтиёз берадиган ташкилотлар билан қайта-қайта ишлаймиз, бунга эса жуда кўп вақт кетяпти”, – деди Каримов 30 август кунги матбуот анжуманида.
Унинг қўшимча қилишича, бу йил имтиёзлар масаласида техник муаммолар бўлмагани учун ҳам мандат вақтида эълон қилинган.






