Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлардан апелляция аризаларини қабул қилиш бошланди. ДТМ буни маълум қилди.
Таъкидланишича, аризалар my.dtm.uz сайти орқали (абитуриентнинг шахсий кабинетида) онлайн тарзда қабул қилинмоқда ва жараён 6 сентябрга қадар (10 кун) давом этади.
Маълумот ўрнида, апелляция аризасини берган абитуриентга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади.
Эслатиб ўтамиз, абитуриент апелляция шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва тест синовидан четлатилмаган бўлиши лозим.
"Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хабарнома ва абитуриент рухсатномаси билан Давлат тест марказига келиши керак. Апеллация шикоятларини кўриб чиқиш 2022 йил 7 сентябрдан бошланади",-дейилади хабарда.






