Ижтимоий тармоқларда Қуйи Чирчиқ туманида эр рашк сабаб хотинини хусусий уй боғчасидаги болалар кўз ўнгида бўғиб, урганлиги ҳақида видеолавҳа тарқалгани, бу ҳолатга МТВнинг билдирган муносабати ва кейинчалик ушбу аёл эри томонидан пичоқлаб ўлдирилгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Прокуратура берган расмий маълумотга кўра, эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Кун.узнинг журналистик суриштирувидан маълум бўлишича, қизи калтакланганидан сўнг ота участка инспекторига бориб арз қилган. 3 соат кутганидан кейин Достон деган инспектор етиб келиб, куёвни қамашини, лекин ҳозир далага бориши кераклигини айтиб кетиб қолган.
Жиноятчига жазо муқаррарлиги аниқ, аммо бугун жамоатчилик фаолларининг бу каби қотилликларни юзага келтираётган сабаблар хавотирга солмоқда.
Нимага ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари эркакни ўз хотинини ҳамманинг кўз олдида дўппослаган куниёқ зарарсизлантирмаган?
" Ишончим комилики, агар эркак аёлга бегона бўлганида унга қарши ўша куннинг ўзидаёқ иш очилган бўларди, аммо ички ишлар ходимлари эркак хотинини уриши каби "арзимас ҳолатни" "қадриятларимиз", "урф-одатларимиз"га боғлаб ,"яхши гумон" режимини ёқиб олган бўлишлари мумкин. Бунга қайсидир маънода ҳукуматнинг маҳалла институтлари ҳам сабабчи, зеро кўп маротаба таъкидлаганимиздек, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилиш вазифасини олиб, нафратнинг пик нуқтасига етган муносабатларни қайта тиклашга ҳаракат қилиш мана шундай аянчли оқибатларни келтириб чиқаришга сабабчи бўлмоқда. Бунга мисоллар қалашиб ётибди. Эр-хотин ўзаро ажрашмоқчи бўлса, бунга ҳамма — давлат институтларидан тортиб, уларнинг оила аъзоларигача аралашади, бири бошқаси билан яшашни истамайдиган одамни мажбурий равишда яраштиришади. Оқибатда пасайиши лозим бўлган агрессия тўлқинлари каррасига ошади ва оиладаги зўравонлик янада авжига чиқади.
Ўзбекистонда ажрашишларга қарши курашилиши эмас, аксинча, ажрашолмасдан оилавий зўравонликлардан азият чекиб яшаётган нозик хилқат вакилларини қутқариш бўйича ишлар олиб борилиши лозим. Қуйи чирчиқда фожиавий тарзда ўлим топган марҳуманинг ҳамкасблари таъкидлашича, қиз жуда кўп марта калтакланган ҳолда ишга келган. Аммо бунга табиийки ҳеч ким эътибор қаратмаган. Оилада аёл ўзини хавф остида билиб, ажрашмоқчи бўлганда ҳар доим кимдир орага тушиб, уни руҳий носоғлом психопат эрнинг ўйига олиб бориб қўяди. Бизга мана шундай ҳолатлар билан шуғулланувчи махсус гуруҳлар керак", – дейди Файзбоғ.
Назаримизда, ушбу қотиллик маълум бир касб эгаларига функционал вазифасидан ташқари бўлган ишларни юклатилиши оқбатида юза келадиган муаммоларни юзага чиқарди.
" Сўнгги йилларда ўқитувчи ва врачлар даладан қайтди, лекин прокурор ва ички ишлар қайтмади.
Секторларга бўлиниб прокурорлар ҳам Ички ишлар ҳам далада нимаики ишлар бўлса қилишяпти.
Акалар ўзининг оператив камуфляж формасини далага борганда кийишяпти. Бу мутлақо нотўғри тизим деб ҳисоблайман. Фермерларга берилган эркинлик улар ғаллани ўзлари ҳимоя қилишига, яхши бозор нархида пули берилса уйидаги подвалга ғамламай ўзи опкелиб давлатга сотишига олиб келади.
Ҳаммага ўз ишини қилишга қўйиб бериш керак. Функционал вазифасидан ташқари бўлган ишлар ходимларда касбга нисбатан мотивацияни тушуради, бора бора 57 бал олганлар билан тизим тўлиб кетади. Ақлли боллар бу соҳалардан қочади ва узоқ перспективада жиноятский жамиятга айланишимизга олиб келади.
Уларни ўз ишларини қилишга қайтарайлик!", – дейди Alimoff.
Блогер ва тадбиркор Фируз Аллаев бу каби зўронвонликларнинг юзага келишини Ўзбекистонда ҳали ҳануз аёллар ва эркаклар маошлари ўртасида сезиларли фарқ ва аёлнинг карьера қилиш имконияти эркакларникидан анча пастлигида кўради.
Блогер буни бартараф этувчи қуйидаги 4 та ҳаракатларни тақдим этади.
1. Аёллар таълимига эътиборни кучайтириш. Қизларга ўзларининг фундаментал ҳуқуқларини тушунтириш, жисмоний ёки жинсий зўравонликка қарши қандай курашиш ҳақида маълумотларни бериш.
2. Аёллар ҳуқуқлари бўйича фуқароларнинг ўзлари томонидан тузилган нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш. Фуқаролик жамиятини эътиборини муаммога қаратиш.
3. Мажбурий турмушга бериш ҳолатларига қарши курашиш. Оилани қутқариб қоламан деб маҳалла томонидан ажрашишларга қаршилик қилишни тўхтатиш.
4. Мажбурий меҳнат ва меҳнат миграциясига қарши курашиш.
"Кучли аёлсиз кучли жамият қуролмаймиз. Чунки кучли жамиятни аёл тарбиялайди. Фарзандларимиз бахтли, билимли, кенг дунёқарашга эга бўлиб катта бўлишларини хоҳласак, бизга кучли аёллар керак.
Бу соҳада ишлар йиллар давомида олиб борилиши керак. Аёлларни эҳтимолий жиноятчи сифатида рўйхатларга қўшиш ёки уларга Зулфия шеърларини эшиттириш каби ҳолатлар муаммога ҳеч қандай ечим бермайди. Аксинча, бу мавзуга жиддий қарамасак, йилдан йилга вазият оғирлашиб боради", - дейди Фируз Аллаев.
Шаҳноза Соатова Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашаётган тизимдан қуйида саволларга жавобларни очиқланишларини сўрамоқда:
Боғчада мурғаклар кўз олдида содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфи етарли баҳоландими?
Шунга мос эҳтиёт чоралари кўрилдими?
Айнан нима чоралар кўрилди?
Агар етарли чоралар кўрилган бўлса, унда нега бу фожиа содир бўлди?
Ушбу фожианинг олдини олиш мумкинми эди?
"Зўравонликка қарши кураш ва зўравонликдан ҳимоя тизимимиз яна бир танқидий таҳлил қилиб чиқилиши керак.
Илгари бундай ҳолатлар умуман бўлмаган деёлмаймиз, даҳшатлироқлари бўлгандир балки. Аммо ахборот асримиз ва гаджетлар бизга фожиаларни бутун тафсилотлари орқали инсоний қиёфада яққол кўрсатяпти. Биз энди статистика, рақамлар, хабарларни эмас, фожиаларнинг овозини эшитяпмиз, юзини кўряпмиз, қурбонларнинг ҳолатини ҳис қиляпмиз. Энди жамият бундай фожиалардан таъсирланаверади, ўткир саволларни қўяверади.
Бу бир оиланинг фожиаси эмас, бу ҳаммамизнинг дардимиз...", деб шахсий фикрларини баён этган блогер.






